Ўзбекистон иқтисодиёти рақамларда. Қайси соҳа қандай ривожланмоқда?
Иқтисодиётимиздаги устувор йўналишлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ўз ифодасини топган. Шундан келиб чиқиб, ўтган йили бажарилган ишлар самараси асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда яққол кўзга ташланади.
Жумладан, дастлабки баҳолашларга кўра, 2023 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 1 квадриллион 66,6 триллион сўмни ташкил этиб, олдинги йилдагига нисбатан 6 фоиз ошди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғида 4, саноатда 6, қурилишда 6,4, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 10,2, ташиш, сақлаш, ахборот ҳамда алоқа хизматларида 12,3 ва бошқа хизмат тармоқларида 4,5 фоиз ўсиш кузатилди.
2023 йил ҳолатига Ўзбекистон Республикаси асосий макроиқтисодий кўрсаткичларининг ўсиш суръатлари
(ўтган йилдагига нисбатан, % да)
2023 йилда иқтисодиёт тармоқлари таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги улуши 24,3, саноат 26,1, қурилиш 6,2, хизматлар соҳаси ҳиссаси 43,4 фоизни ташкил этди.
Хизматлар соҳасининг ЯИМ ўсишига ҳиссаси 2,6, саноат 1,5, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғи 1, қурилиш соҳаси улуши 0,4 фоизга тенг бўлди.
Шунингдек, 2023 йилда ЯИМнинг шаклланишида Тошкент шаҳри 17,1 фоиз улуш билан энг катта ҳисса қўшди. Тошкент, Навоий вилоятлари 10,1, ва 7,7 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларни эгаллади. Сирдарё вилояти (2 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (3,1 фоиз) ҳамда Жиззах вилояти (3,1 фоиз ) энг паст натижа кўрсатган.
Ўтган йили аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми жорий нархларда 29,3 миллион сўмни ташкил этган ва 2022 йиллагига нисбатан 3,8 фоиз ўсган.
Саноат ишлаб чиқариши
2023 йилга оид дастлабки маълумотларга кўра, юртимизда фаолият юритаётган 69,4 мингдан зиёд саноат корхонаси томонидан 655,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ҳажми 6 фоиз ошди. Жумладан, энг юқори улуш 84,4 фоиз билан қайта ишлаш саноатига тўғри келди. Тоғ-кон ва очиқ конларни ишлаш саноати улуши 8,4, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш саноати улуши 6,7, сув таъминоти, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш саноати ҳиссаси 0,5 фоизни ташкил этди.
Қайта ишлаш саноати корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 6,7 фоиз ҳамда электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш саноатида 9,7 фоиз ошиши кузатилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилдагидан 6,2, тўқимачилик маҳсулотлари 6,4 фоиз кўпайди.
Ўзбекистон Республикасида саноат ишлаб чиқаришининг асосий тармоқлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажмлари
Т/р | Тармоқ номи | 2022 йил | 2023 йил
(дастлабки маълумот) |
||
ҳажм,
млрд.сўм |
ўсиш суръати,% | ҳажм,
млрд.сўм |
ўсиш суръати,% | ||
1. | Жами саноат | 553 265,0 | 105,3 | 655 821,9 | 106,0 |
2. | Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш | 52 093,5 | 101,9 | 55 240,5 | 101,0 |
3. | Ишлаб чиқариш саноати | 460 491,8 | 105,4 | 553 333,4 | 106,7 |
4. | Электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш | 37 653,6 | 113,5 | 44 247,7 | 109,7 |
5. | Сув таъминоти, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш | 3 026,1 | 94,7 | 3 000,3 | 101,0 |
Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш суръатлари Жиззах (7,4 фоиз), Андижон (7,3 фоиз), Наманган (7,2 фоиз), Сирдарё (7,1 фоиз), Қашқадарё (7,1 фоиз), Навоий (6,7 фоиз), ҳамда Фарғона (6,2 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Ижобий ўсиш суръатларига эришишда 2023 йилда янги ташкил этилган 14,1 мингдан ортиқ саноат корхонасининг ўрни катта. Хусусан, тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳар бирида 3,3 мингтадан, мебель, кимё саноатида мос равишда 0,9 ва 0,5 мингта янги субъект иш бошлади.
2023 йилда ўзлаштирилган жами инвестицияларнинг қарийб ярми, яъни 53,3 фоизи айнан саноат соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилишга йўналтирилди. Бу эса импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қиляпти.
Ўтган йилда саноат тармоқларига киритилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 140 триллион сўмга, тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳажми эса 68,6 триллион сўмга етди.
2023 йилда экспорт ҳажми 24,4 миллиард долларга тенг бўлиб, аввалги йилдагидан 23,8 фоиз ўсди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми 3 миллиард долларни, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми 1,8 миллиард долларни, машина ва транспорт асбоб-ускуналари 1,3 миллиард долларни ташкил этди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғи
Аграр соҳани қўллаб-қувватлаш, иқтисодий манфаатдорлигини ошириш бўйича тизимли тадбирлар натижасида, дастлабки маълумотларга кўра, йил якуни бўйича қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг умумий ҳажми 426,3 триллион сўмни ташкил этиб, 2022 йилдагидан 4,1 фоиз ошди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 3,1 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳамда 29,8 фоизи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
2023 йилда жами 8,4 миллион тонна (ўтган йилдагига нисбатан 105,5 фоиз) дон ва дуккакли дон экинлари, 3,6 миллион тонна (103,8 фоиз) картошка, 11,5 миллион тонна (103,5 фоиз) сабзавот, 2,5 миллион тонна (105,5 фоиз) полиз ҳамда 3,1 миллион тонна (104,1 фоиз) мева етиштирилди.
Ўтган йилда тирик вазнда жами гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 миллион тоннани (ўтган йилдагига нисбатан 103,9 фоиз), сут 12 миллион тоннани (102,9 фоиз), тухум 8 487,5 миллион донани (104,4 фоиз) ҳамда балиқ етиштириш 198,9 минг тоннани (107,3 фоиз) ташкил этди.
Чорвачилик маҳсулотлари етиштириш кўрсаткичларининг хўжаликлар тоифалари бўйича таҳлили кўрсатдики, тирик вазндаги гўштнинг умумий ҳажмида 84,9, сутнинг 92,8 ҳамда тухумнинг 57,9 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳиссасига тўғри келди.
2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, йирик шохли қорамоллар умумий бош сони 14,1 миллионни (2023 йилнинг мос даврига нисбатан 288,9 минг бош кўп), шундан сигир 5 миллион (89,8 минг бош кўп), қўй ва эчки 24,1 миллион (515,8 минг бош кўп) ва парранда 103 миллион бошни (5,7 миллион бош кўп) ташкил этди.
Йирик шохли қорамолнинг 90, сигирнинг 90, қўй ва эчкининг 77,5 ҳамда парранданинг 48,5 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликларида парваришланмоқда.
Хизматлар соҳаси
Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь — декабрь ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 470,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,7 фоиз кўп бўлди.
Хизматлар умумий ҳажми ўсишига молиявий хизматлар 20,6, савдо 10,2, алоқа ва ахборотлаштириш 24,6, таълим соҳасидаги хизматлар 22,8 фоиз ўсиши ижобий таъсир кўрсатди.
Молия сектори янги маҳсулот ва хизматларни жорий этиш ҳамда технологияларга сармоя киритиш ҳисобига жадал ривожланмоқда. 2023 йилда унинг ҳажми 106,4 триллион сўмга етиб, ўтган йилдагига нисбатан ўсиш суръати 120,6 фоизни ташкил этди ва жами кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмидаги улуши 22,6 фоизга тенг бўлди.
Молиявий хизматлар ҳажми ошишига банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, истиқболли инвестиция лойиҳаларини кредитлаш кенгайиши, валюта сиёсатини либераллаштириш ўз таъсирини кўрсатди.
2023 йил январь — декабрь ойлари якунига кўра кўрсатилган бозор хизматлари
Хизмат турларининг номи | Ҳажми, млрд. сўм |
Ўсиш суръати, % да |
Хизматлар – жами | 470 286,5 | 113,7 |
шундан асосий турлари бўйича: | ||
алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари | 32 226,6 | 124,6 |
молиявий хизматлар | 106 363,8 | 120,6 |
транспорт хизматлари | 108 477,7 | 108,0 |
яшаш ва овқатланиш хизматлари | 18 327,3 | 112,6 |
савдо хизматлари | 110 662,4 | 110,2 |
кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар | 12 064,3 | 113,3 |
таълим соҳасидаги хизматлар | 20 418,4 | 122,8 |
соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар | 8 441,2 | 111,6 |
ижара хизматлари | 7 542,6 | 105,2 |
компьютер таъмирлаш хизматлари | 7 021,5 | 106,6 |
шахсий хизматлар | 10 916,0 | 106,3 |
меъморлик соҳасидаги хизматлар | 7 959,7 | 100,2 |
бошқа хизматлар | 19 865,0 | 120,6 |
Транспорт хизматлари ҳажми 108,5 триллион сўмга етиб, ўтган йилдагига нисбатан ўсиш суръати 108 фоиз бўлди. Ушбу хизмат турининг жами кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмидаги улуши 23,1 фоизни ташкил этди. Уларнинг ўсишига темир йўл транспортида кўрсатилган хизматлар катта таъсир кўрсатди — 112,4 фоиз. Шу билан бирга, омборга жойлаштириш ва ёрдамчи транспорт хизматларининг 14,9 фоиз ўсиши таъминланди.
Сўнгги йилларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари жадал ўсиши кузатилмоқда. Масалан, 2019 йилда бу ўсиш 108,3 фоиз бўлган бўлса, 2023 йилда 124,6 фоизга етди. Улар ҳажми 32,2 триллион сўмни ташкил этди.
2023 йилда савдо хизматлари ҳажми 110,7 триллион сўм, 2022 йилдагига нисбатан ўсиш суръати 110,2 фоиз бўлди. Ушбу турдаги хизматлар ялпи қўшилган қийматининг ўсиши автомобиль ҳамда мотоцикллар улгуржи ва чакана савдоси, жумладан, уларни таъмирлаш хизматларининг 29,4 фоиз ўсиши ҳисобига таъминланди.
Таълим соҳасида хизматлар ҳажми 20,4 триллион сўмни ташкил этиб, аввалги йилдагига қараганда ўсиш суръати 122,8 фоизга етди. Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари, хусусан, хорижий олий таълим муассасаларининг мавжуд ва янги филиалларида янги факультетлар очилиши, шунингдек, тўлов-контракт асосида қўшимча қабул ўринлар очилиши таълим соҳасида хизмат кўрсатиш ҳажми ошишига олиб келди.
Интернет тармоғининг кенг қўлланилиши, логистика, электрон тўлов тизимлари ва электрон ҳужжат айланишининг пайдо бўлиши натижасида фаолиятнинг янги шакли — электрон тижорат фаол ривожланмоқда. Таҳлил қилинаётган даврда йирик корхоналарнинг электрон тижорат ҳажми жами кўрсатилган бозор хизматлари ҳажмининг 2,7 фоизига тенг бўлди.
2023 йил якунига кўра, мамлакатимизга туристик мақсадларда келган чет эл фуқаролари сони 6 миллион 626,3 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилдагига нисбатан 26,6 фоиз ошди.
Асосий капиталга инвестициялар
2023 йил январь — декабрь ойларида юртимизда жами 352,1 триллион сўм асосий капиталга инвестиция ўзлаштирилиб, 2022 йилдагидан 122,1 фоиз ўсди.
Мазкур юқори ўсиш марказлашмаган молиялаштириш манбалари ҳисобидан таъминланди. Улар жами инвестицияларнинг 87,3 фоизини қамраб олди ёки 307,3 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 2022 йилдагидан 26,2 фоиз кўпайди.
Марказлашмаган молиялаштириш манбалари тўғрисида гап кетганда, тўғридан-тўғри ва кафолатланмаган хорижий инвестиция ҳамда кредитлар ҳисобидан ўзлаштирилаётган сармояларнинг ўрни катталигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Бу инвестициялар 166,7 триллион сўмни ёки жами инвестицияларнинг 47,4 фоизини ҳамда 2022 йилдагига нисбатан ўсиш суръати 156,2 фоизни ташкил этди.
Хитойдан кириб келган инвестицияларнинг ўзлаштирилиши энг юқори улушга эга бўлди. Ушбу мамлакат инвестицияларининг ўзлаштирилиши жами ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг 25,6 фоизи ёки 48,1 триллион сўмдир.
Шунингдек, Россия инвестициялари ўзлаштирилиши 25,2 триллион сўм ёки жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг 13,4 фоизини, Туркия инвестициялари ўзлаштирилиши 12 триллион сўм ёки жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг 6,4 фоизини ташкил этди.
Бажарилган қурилиш ишлари ҳажми
Қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг барча бошқа тармоқлари учун асосий фондларни яратиш ва модернизация қилишда иштирок этади. Шунинг учун у фонд яратувчи асосий тармоқ бўлиб турибди.
2023 йилда мамлакатимизда бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 149,9 триллион сўмни ташкил этиб, 2022 йилдагидан 6,4 фоиз кўпайди. Иқтисодий фаолият турлари жиҳатидан бино ва иншоотлар қурилиши бўйича амалга оширилган ишлар етакчилик қилди. Яъни жами бажарилган қурилиш ишларининг 70,1 фоизи улар улушига тўғри келди. Фуқаролик объектлари қурилишининг ҳиссаси 20,6 фоизни ёки 31 триллион сўмни, ихтисослаштирилган қурилиш ишларининг улуши 9,3 фоизни ёки 13,9 триллион сўмни ташкил қилди.
Қурилиш ишлари таркиби
2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, қурилиш корхона ва ташкилотлари сони 34 минг 749 тани ташкил қилиб, соҳа томонидан яратилган ялпи қўшилган қийматнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6,2 фоиз бўлди.
Ўтган йили умумий майдони 14,1 миллион метр квадратга тенг турар жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Улар 63 минг хонадонга мўлжалланган бўлиб, аҳолининг уйга талабини қондиришга хизмат қилади.
Турар жойларнинг 64,6 фоизи қишлоқ жойларда қурилди. Жами 107,4 минг ўқувчи ўринга мўлжалланган мактаблар ҳамда 27,6 минг ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасалари, қарийб 2,8 минг ётоққа мўлжалланган касалхоналар ва 5 мингдан ортиқ қатновга мўлжалланган поликлиникалар фойдаланишга топширилди.
Ташқи савдо айланмаси
Мамлакатимизда сўнгги йилларда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш, умуман, ташқи савдо мувозанатини таъминлаш мақсадида имтиёз ва афзалликларнинг комплекс тизими яратилди. Бунинг натижасида жаҳон бозорларидаги конъюктуранинг сезиларли ўзгаришларига қарамай, охирги беш йил ичида ташқи савдо айланмаси 1,5 баробар ўсди.
Экспортчи корхоналарга, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектларига маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, уларни ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган тузилмалар ташкил этилди.
Сўнгги йиллардаги чора-тадбирлар туфайли ўтган йили Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 62,6 миллиард долларга етди ва 2022 йилдагидан 12,1 миллиард доллар ёки 23,9 фоиз ошди.
Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 24,4 миллирад долларга (23,8 фоиз ошди) ва импорт ҳажми 38,2 миллиард долларга (24 фоиз кўпайди) етди. Ҳисобот даврида 13,7 миллиард доллар қийматида манфий ташқи савдо баланси қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси
(млрд доллар)
Мамлакатимиз жаҳоннинг 198 мамлакати билан савдо алоқаларига эга. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (21,9 фоиз), Россия (15,8 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Корея Республикаси (3,7 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.
Кейинги йилларда Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби қўшни давлатлар билан ташқи савдо айланмасида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Сўнгги беш йил ичида ташқи савдо айланмаси Туркманистон билан икки карра, Тожикистон билан 1,6, Қозоғистон билан 1,3 ва Қирғизистон билан 1,2 баробардан зиёдга ошди.
Ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспортчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида ва амалга оширилган ислоҳотлар натижасида экспортчилар сони 7,3 мингтага етди ва улар томонидан 16,2 миллиард доллар (номонетар олтиндан ташқари) қийматидаги (ўсиш 4,5 фоиз) товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди.
2023 йилда товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорларимиз Россия (13,5 фоиз), Хитой (10,1 фоиз), Қозоғистон (5,6 фоиз), Туркия (5,1 фоиз), Афғонистон (3,5 фоиз) ва Қирғиз Республикаси (2,6 фоиз) кабилар бўлган. Уларнинг умумий экспортимиздаги улуши 40,4 фоизни ташкил этди.
Экспорт таркибида товарлар улуши 78,8 фоизга етиб, унда саноат товарлари (16,6 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,3 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (5,4 фоиз), машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (5,3 фоиз) асосий ўрин тутади.
Асосий экспорт маҳсулотлари орасида тўқимачилик етакчилик қилмоқда. Хусусан, 2023 йил якуни бўйича 3,1 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиниб, умумий экспортнинг 12,5 фоизини ташкил этди ва сўнгги беш йилликда қарийб 2 баробар ошди.
2023 йилда 1,2 миллиард доллар қийматидаги ёки 1,8 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилиниб, 2022 йилдагидан 3,3 фоиз кўпайди ёки 18,9 минг тонна ошди. Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ҳамда Қозоғистон (10,3 фоиз) бўлиб турибди.
2023 йилда импорт ҳажми 38,2 миллиард долларни ва 2022 йилдагига нисбатан 24 фоиз ўсишни ташкил этди. Импорт қилинган товарлар ҳажми 7,4 миллиард долларга кўпайди ва 35,6 миллиард долларга етди. Хизматлар импорти эса 2,6 миллиард долларни қайд этди ва 2022 йилдагига нисбатан 1,6 фоиз камайди. Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва асбоб-ускуналар (39,2 фоиз), саноат товарлари (16,6 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,8 фоиз) ҳисобига тўғри келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Статистика агентлиги