Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши мамлакатдаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва дўстона оилага бирлаштиришдан иборат

Асрлар мобайнида ғоят хилма-хил миллатлар ва динлар вакиллари тинч-тотувликда яшаган дунё цивилизацияси ва турли халқлар маданиятлари бир-бирини бойитган макон – Ўзбекистонда бугунги кунда 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари ягона оилага бирлашиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий мақсади жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, шунингдек кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бирлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини кенгайтириш, турли миллат ва элатларнинг она тили, урф-одатлари, анъаналарини асраш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш этиб белгиланган.

Ушбу мақсадларга эришиш учун давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш, жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари асосида ноёб тизим яратилиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида халқимизга азал-азалдан хос бўлган дўстлик ва бағрикенглик каби эзгу қадриятлар асосида миллатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, Марказий Осиёда яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш орқали барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилди.

Янги Ўзбекистон тараққиётнинг муҳим омили сифатида миллатлараро ҳамжиҳатлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, юртимизда яшаётган 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари тенг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгиланган.

Шунингдек, миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш натижасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 45 тадан ортиқ концептуал ҳужжат – 2 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15 та фармони ва 10 та қарори, Олий Мажлиснинг 3 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил 19 май куни алоҳида давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Қўмита мамлакатимиздаги 157 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти ва хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан ҳамкорликда миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистонда телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 14 тилда чоп этилмоқда ҳамда мамлакатимиздаги 10 000 тадан ортиқ давлат умумтаълим мактабининг 1 865 тасида таълим ўзбек ҳамда 6 тилда, яъни қорақалпоқ, рус, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Қарорига кўра 2018 йил 26 июнда Қўмита қошида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси марказининг ташкил этилиши ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, миллатлараро бағрикенгликни таъминлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашмоқда.

2018 йил 25 октябрда Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни жадал ривожлантириш имконини берди. Натижада Қўмита томонидан хориждаги турдош ташкилотлар билан 45 тадан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

2021 йил 11 августда “Ватандошлар” жамоат фондиннг ташкил этилиши ватандошлар билан ҳамкорликнинг амалий мехнизмини яратди.

Ўзбекистон Президенти томонидан 2019 йил 15 ноябрда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг қабул қилиниши миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янги босқичга кўтарди.

Мамлакатимизда 30 июлни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилаш тўғрисида 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижлик ҳамкорларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 1 июнда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди.

Ҳукуматнинг 2023 йил сентябрдаги қарорига асосан таъсис этилганДиний бағрикенгликкўкрак нишони диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларини рағбатлантириш имконини беради.

Ўтган даврда миллий маданий марказларнинг 500 нафардан ортиқ фаоллари давлат мукофотларига сазовор бўлиб, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улардан 14 нафарига “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони берилди.

Кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш алоҳида устувор мақсад сифатида белгиланди.

Натижада миллий маданий марказларнинг этномаданий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилиб, уларда миллий маданий марказлар бепул асосда жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан сўнгги олти йил давомида миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш учун жами 30 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, қозоқ, қирғиз, туркман, турк, корейс, озарбайжон, беларус, бошқирд, татар ва бошқа миллий маданий марказларининг юбилейлари Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Корея, Озарбайжон, Татаристон ва Бошқирдистон Республикаларидан келган расмий делегациялар, шунингдек маданият ва санъат намоёндалари иштирокида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан ташкил қилинди.

Маданиятлараро уйғунликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда ҳар йили турли миллат вакилларининг, жумладан, арманларнинг “Вардавар”, татар ва бошқирдларнинг “Сабантуй”, грекларнинг “Охи”, корейсларнинг “Чхусок”, Соллаль, полякларнинг “Дожинки”, русларнинг “Рождество”, “Широкая Масленица”, хитойликларнинг Чунь Цзе сингари миллий байрамлари ҳам кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон етакчиси таклифига асосан 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясига мувофиқ ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб юртимизда ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” дўстликни янада мустаҳкамлайди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, миллий маданий марказлар қошидаги фольклор ансамблларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Дўстлик” концерт залини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада “халқ дипломатияси” имкониятларидан фойдаланиш орқали миллатлараро муносабатлар ҳамда маданиятлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган.

Бундан ташқари хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган оқилона сиёсат жамиятда турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлашга, диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини аҳил бир оилага бирлаштиришга хизмат қилади.

 

Азамат Бобокулович Тошев,

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари

Published On: Iyun 12, 2024Views: 130