Йўл хўжалиги соҳаси янгича ёндашув асосида ривожлантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни йўл хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Сўнгги 6 йилда мамлакатимизда йўллар қуриш ва таъмирлашга ажратилаётган маблағлар 3 карра ошган. Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналарга 2 мингдан зиёд махсус техника харид қилинган. Булар орқали 65 минг километр йўллар қурилган ва таъмирланган.

Ўтган йилдан “Менинг йўлим” лойиҳаси ҳам бошланиб, ички кўчалар аҳоли таклифлари асосида қурилиб таъмирланадиган тизим жорий қилинди. Шу йилнинг ўзида 470 та маҳалладаги ички йўллар учун 410 миллиард сўм йўналтирилди. Натижада 3 миллион 600 минг аҳолининг мушкули осон бўлди.

Умуман, 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилди, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди.

Лекин соҳада бир қатор тизимли муаммолар ҳам бор. Асосий камчиликлардан бири – қурилаётган йўлларнинг сифатсизлиги. Янги йўллар кўп ўтмай яроқсиз аҳволга келаётгани учун яна таъмирланмоқда.

Йўлларни лойиҳалаш меъёрлари эскирган. Уларнинг катта-кичиклиги ёки ҳудудларнинг иқлим шароитига қарамай, бир хил андоза қўлланмоқда. Лойиҳаларда йўл бўйи инфратузилмаси назарда тутилмагани боис, аксарият савдо ва сервис шохобчалари тартибсиз жойлашган.

Сифат пастлигининг яна бир сабаби – йўл назоратининг сустлиги. Бу борадаги ҳозирги талаблар шундайки, техник назоратчилар асосий вақтини йўлнинг сифатини текширишга эмас, пудратчининг ҳужжатларини ўрганишга сарфлайди. Йўл қурилишида замонавий техникаларни бошқара оладиган малакали кадрлар етишмайди.

Йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими йўқлиги сабабли қайси йўлдан қандай ҳажмда юк ўтаётгани маълум эмас. Йўлларда унинг юк кўтариш имкониятидан оғир бўлган транспортлар ҳам ҳаракатланмоқда.

Йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, янги чора ва таклифлар кўриб чиқилди.

– Сифатли йўл одамларнинг кайфияти ва иқтисодиётимиз “артерияси” ҳисобланади. Шу боис йўл қурилишига янгича ёндашувларни жорий қилиб, сифатни ошириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий секторни кенг жалб қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва сақлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Аввало, лойиҳалашни комплекс ёндашув асосида такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Яъни, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, автомобиллар тўхташ жойи, ёқилғи қуйиш шохобчаси, овқатланиш, савдо ва техник хизмат кўрсатиш объектлари қаерда жойлашиши, қаерда дарахт экилиши лойиҳанинг ўзида мужассам бўлиши керак.

Давлатимиз раҳбари йўл қурилишида “ресурс” усулидан “ҳажм” усулига ўтиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу борада Халқаро консультант муҳандислар федерацияси стандартлари қўл келади. Унга кўра, махсус сертификатга эга муҳандислар йўл қурилишидаги барча жараёнларни назорат қилади ва якуний сифатга жавоб беради.

Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилиши айтилди.

– Энди қаерда ички йўл қуриш, қайсини таъмирлашни одамларимизнинг ўзи ҳал қилади. Шундай қилсак, лойиҳани танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик бўлади, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади, – деди Президент.

Келгуси йил мазкур дастур учун камида 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Маълумки, ривожланган мамлакатларда ҳам йўлларни қуриш ёки таъмирлаш тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширилмайди. Юртимизда хусусий шериклик бўйича қонуний асослар яратилган бўлса-да, йўл соҳасида бу жараён суст кетмоқда. Шу боис инвесторларга қўйиладиган шартлар ва давлатнинг мажбуриятларини аниқ белгилаб, йўл лойиҳаларига хусусий шерикларни фаол жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.

Шунча маблағ ва меҳнат билан қурилаётган йўлларни сифатли сақлаш ҳам зарур. Масалан, чет элларда йўлларда юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозилари ўрнатилади. Бундай тарозиларни мамлакатимизда ҳам хусусий шериклик асосида ўрнатиш таклифи билдирилди.

Шаҳарлардаги йўлларни сақлаш ва атрофини кўкаламзорлаштириш учун ободонлаштириш бошқармалари махсус техникалар билан таъминланади.

Бугунги кунда йўлларда ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи 2 минг 500 дан зиёд камера ва радарлар ўрнатилган. Аҳоли яшаш жойларида чекланган тезлик 60 километр-соатга туширилган. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари 30 фоизга камайган. Ҳайдовчиларга қулайлик яратиш учун “ақлли чорраҳа” ва “ақлли светофор” бошқарув тизимларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги айтилди.

Туманларда йўл ва кўприклар қуриш ва таъмирлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиш, йўл корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва моддий-техник базасини яхшилаш юзасидан топшириқлар берилди.

Умуман, йиғилишда қайд этилган барча чораларни инобатга олган ҳолда, автомобиль йўллари соҳасини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимлари кун тартибидаги масалалар бўйича ахборот берди.

Published On: Sentabr 12, 2023Views: 155