ИТИМ эксперти: Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш динамикасини сақлаб қолди
«Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи ярим йилликда юқори ўсиш динамикасини сақлаб қолди ва беқарор ташқи муҳит ўзгаришларига чидамлилигини сақлаб қолди», – деб ёзди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) бош илмий ходими Руслан Абатуров «Дунё» АА учун шарҳида:
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 5,6 фоизга ўсди, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан юқоридир (5,4%).
Геосиёсий беқарорлик сақланиб қолганига қарамай, қўшни мамлакатлардаги иқтисодий вазият жорий йилнинг январь-июнь ойларида умуман олганда ижобий бўлди. Шундай қилиб, Қозоғистонда иқтисодиёт 5%га, Қирғизистонда 3,9%га ўсди. Хитойда ЯИМ ўсиши 5,5%ни ташкил этди. Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, январь-май ойларида Россиянинг ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,6%га ошди.
Ўзбекистонда инфляция секинлашишда давом этмоқда ва 6 ой якунларига кўра сўнгги 5 йилдаги энг паст кўрсаткичларни кўрсатмоқда. Жорий йил январь-июнь ойларида инфляция 3,5%ни, 2022 йилнинг шу даврида эса 6,5%ни ташкил этган. Йиллик кўрсаткичларда инфляция 9%гача (2022 йил июнь ойида – 12,2%) секинлашди. Озиқ-овқат инфляцияси 2022 йил январь-июнь ойларида 8,9%дан жорий йилнинг шу даврига нисбатан 4,1%гача секинлашди. Худди шундай, ноозиқ–овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши 5,8%дан 3,1%га, пуллик хизматлар нархининг ўсиши эса – 3,3%дан 2,9%гача секинлашди.
6 ой давомида асосий капиталга инвестициялар 7,9%га ўсди (2022 йил январь-июнь ойларида – 6,6%). Хусусан, марказлаштирилмаган инвестициялардаги ўсиш суръати 8,7%ни ташкил этди. Улардан корхоналар маблағлари ҳисобидан инвестициялар 15,8%га, аҳоли маблағлари – 8,7%га, тижорат банклари кредитлари ва бошқа қарз маблағлари – 36,5%га ошди. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда икки хонали рақамли динамика, яъни 21% даражасидаги ўсиш қайд этилди.
Йилнинг биринчи ярим йиллигида марказлаштирилган манбалардан инвестициялар 2,4%га, хусусан, бюджет маблағлари ҳисобидан 3,6%га ўсди. Хорижий инвестициялар ва давлат кафолати остидаги кредитлар 6,9%га ошди.
Умуман олганда, инвестициялар таркибида марказлаштирилган инвестициялар улуши 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 13%дан 12,3%га камайди, марказлаштирилмаган инвестициялар улуши мос равишда 87%дан 87,7%га ошди.
Бу эса, мамлакатимиздаги инвестициявий жараёнларда хусусий сектор ва хорижий инвесторларнинг ўрни, энг муҳими уларнинг тадбиркорлик иштиёқи ошаётганлигидан бир далолат десак ҳам, муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоизки, жами инвестицияларда ишлаб чиқариш саноатига йўналтирилган инвестицияларнинг улуши 30,2%гача (2022 йилнинг биринчи ярмида 28,9%), тоғ-кон саноати 8%гача (6,1%) ўсди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жорий йилнинг дастлабки 6 ой ичида 5,6%га, ёки 2022 йилнинг шу даврига нисбатан (5,1%) жадал суръатларда ўсди.
Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларнинг ўз вақтида қабул қилиниши билан боғлиқ бўлиб, бунинг натижасида ишлаб чиқариш саноатининг ўсиши 6,3%ни (2022 йилнинг биринчи ярмида 5,9%) ташкил этди.
Шунингдек, электр таъминоти саноат тармоқлари орасида энг динамик равишда ўсди – 9,9%га, аммо бу 2022 йил январь-июнь ойларига нисбатан паст (ўсиш 14,7%).
Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йили пасайиб кетган тармоқлар ҳам ўсди. Хусусан, тоғ-кон саноатида 0,2%га (2022 йил январь-июнь ойларида 0,5% га камайган) ўсиш кузатилди, сув таъминоти, канализация, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш сектори 2022 йилнинг биринчи 6 ойи якунига кура 11,6%га камайишига нисбатан 3,6%га ўсди.
Қурилиш соҳасидаги динамика 2022 йил январь-июнь ойларида 5,1%дан жорий йилнинг шу даврига нисбатан 4,8%гача секинлашди.
Қишлоқ хўжалигида, хусусан, ўсимликчилик ва чорвачиликда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 3,8%гача (2022 йил январь-июнь ойларида – 2,7%) тезлашиш кузатилмоқда. Шу билан бирга, ўрмон ва балиқчиликнинг ўсиш суръатлари бироз секинлашди.
2023 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 12,3%га ошди (2022 йилнинг шу даврида – 14,5%). Тармоқлар бўйича алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари икки хонали суръатларда – 22,9%га, молиявий хизматлар 22,7%га, таълим хизматлари 19,5%га, турар жой ва озиқ – овқат маҳсулотлари 10,4%га ўсди. Транспорт соҳасида хизматлар ҳажми 8,6%га ошди. Юк ва йўловчилар айланмасининг ўсиш суръатлари секинлашди.
Чакана савдо айланмасининг ўсиш суръати 2022 йил январь-июнь ойларида 9,9%дан 2023 йилнинг шу даври учун 6,9%гача секинлашди.
Йилнинг биринчи ярим йиллигида ташқи савдо айланмаси 19,4%га ўсиб, 29,2 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт ҳажми 23%га ошиб, 12,1 миллиард долларга, импорт 17%га ошиб, 17 миллиард долларни ташкил этди.
Экспортнинг ўсиши ташқи бозорларга машина ва транспорт ускуналарини етказиб беришнинг қарийб 60%га, олтиннинг 47%га, хизматларнинг 41%га, озиқ-овқат маҳсулотларининг 33%га, турли хил тайёр маҳсулотларнинг 25%га ўсиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, ноозиқ-овқат хом ашёси экспорти 26%га, ёқилғи-энергетика ресурслари 20%га камайди.
Импортда Ўзбекистонга ёқилғи-энергетика маҳсулотлари 73%га, машина ва транспорт ускуналари 30%га, кимёвий маҳсулотлар 10%га ошгани қайд этилди.
Умуман олганда, биринчи ярим йилликнинг асосий тенденциялари макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётга салбий омилларнинг таъсирини камайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг ижобий ўсиш динамикасини қўллаб-қувватлаш, инвестиция фаоллигини кучайтиришдан иборат бўлди. Ўзбекистон иқтисодиётида йил охиригача барқарорлик ва жадал ривожланиш суръатларини сақлаб қолиш кутилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Руслан Абатуров