ИТИМ: Хоразм вилоятининг сўнгги олти йилдаги ижтимоий иқтисодий ривожланиши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) экспертлари 2017-2022 йилларда амалга оширилган фаол ислоҳотлар жараёнида Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларни тақдим этди.

ИТИМ маълумотига кўра, 2017-2022 йиллар давомида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) ҳажми 32 фоизга ошиб, 32,0 триллион сўмни ташкил этди ва аҳоли жон бошига 16,5 миллион сўмдан тўғри келди. Ҳисобот даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,1 триллион сўмдан 18,3 триллион сўмга (реал ўсиш 1,7 баравар) ошди ва ЯҲМдаги улуши 16,6 фоиздан 21,3 фоизга етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 1,7 бараварга, яъни 9,4 триллион сўмдан 24,6 триллион сўмга етди. Вилоят аҳолиси сони қарийб 2 миллион кишига етди.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 20,2 мингдан 31,0 мингга етди ва 1,5 бараварга ошди.

Бу эса ўтган даврда вилоятда 155 мингга яқин янги иш ўринлари яратилишига ҳамда 3,5 миллирад доллар инвестициялар ўзлаштирилишига имкон берди. Вилоятдаги 69 маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди.

Ташқи савдони эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чоралар натижасида вилоятнинг экспорти ҳажми 245 миллион АҚШ долларига етди ва 2 бараварга кўпайди.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида охирги 6 йил давомида 34,4 километр газ қувурлари ва 4 133 километр сув таъминоти тармоқлари ҳамда 30 километр автомобиль йўллари ётқизилди.

Янги ижтимоий инфратузилма объектларини барпо килишга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятда 5 139 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 18,2 минг, мактабларда 53,8 минг, 1,7 минг шифохона ўринлари фойдаланишга топширилди. Ўтган даврда 424 та кўп қаватли уйлар қурилиб, 11 мингдан зиё оила янги квартираларга кўчиб ўтди.

Published On: Iyun 14, 2023Views: 208