Ўзбекистон: Бош мақсад халқнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиб беришдан иборат

Бугун Ўзбекистонда бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадлари изчиллик билан амалга ошириб келинаяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад давлат бюджети маблағларидан самаралироқ фойдаланиш ҳисобига фуқаролар фаровонлиги оширилишини таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий неъматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Алоҳида қайд этиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилиниб, инсон қадрини янада улуғлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича давлатнинг конституцион мажбуриятлари алоҳида муҳрлаб қўйилди. Бош қомус асосида давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилди. Шу боис, бу йўналишда давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиб борилади.

Фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш механизмининг ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантиришда алоҳида восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу боис, иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бюджет жараёни очиқлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилаяпти. Жумладан, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди. 2021 йил 1 июлдан бошлаб эса жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилди. 2022 йил 1 январдан бошлаб барча туман (шаҳар)ларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартибни босқичма-босқич жорий этишга киришилди.

Унга кўра, биринчи босқичда ташаббускор фуқаролар томонидан туман (шаҳар) инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклиф/лойиҳаларни тақдим этилади. Иккинчи босқичда тақдим этилган таклиф/лойиҳаларни тасдиқланган мезонларга мувофиқ саралаб олинади. Учинчи босқичда танловдан ўтган ташаббускор фуқароларнинг таклиф/лойиҳаларини жамоатчилик овозига қўйилади. Тўртинчи босқичда оммавий овоз бериш натижаларига кўра ғолиб бўлган таклиф/лойиҳаларни аниқланади. Бешинчи босқичда жамоат назорати ва фуқаролик ташаббусларининг амалга оширилиши мониторинг қилинади.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги уч йилда 9 минг 500 та маҳаллага 57 триллион сўм ажратилган. Бу маблағлар ҳисобига 3 минг 500 та маҳаллада ички йўллар, боғча, мактаб ва шифохона таъмирланган. 1 минг 19 та маҳаллада ичимлик ва оқова суви таъминоти яхшиланиб, 452 таси замонавий қиёфага келтирилган.

Биргина, 2022 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда бошқа дастурлар доирасида бюджетдан ажратилган қарийб 27 триллион сўм маблағ ҳисобидан 4 мингта маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилди. Юзлаб мактаб, боғча, тиббиёт масканлари барпо этилди ва янгиланди. Электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иссиқлик таъминоти, йўл ва транспорт тизимлари фаолияти яхшиланди.

2022 йилда ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида келиб тушган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳудудлар бўйича қарийб 1,1 трлн сўм (туман ва шаҳар бюджетларининг5 фоизининг тенг ярми хисобидан 775,7 млрд сўм, 2021 йил 3-чорак якунлари ва 2022 йил бошига шаклланган қўшимча манбаларнинг 30 фоизи ҳисобидан 334,1 млрд сўм) “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га йўналтирилди.

Ҳудудлар кесимида таклифлар таҳлил қилинганда, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 10 815 та, Бухоро вилояти бўйича 8 968 та, Сурхондарё вилояти бўйича 7 258 та таклифлар келиб тушган бўлса, Сирдарё вилояти бўйича  3 236 та, Навоий вилояти бўйича 2 341 та, Андижон вилояти бўйича  2 283 та қолган ҳудудларга нисбатан кам таклифлар келиб тушган.

Мазкур жараён якунлари бўйича фуқаролар томонидан билдирилган таклифларга “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали мамлакатимиз бўйлаб фуқаролар томонидан 6,7 миллиондан ортиқ (мамлакатимиз жами аҳоли сонига нисбатан 19 фоиз) овозлар берилди.

Жамоатчилик бюджетида фаол иштирок этган фуқароларни янада рағбатлантириш ва кўп овоз тўплаган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2 215 та лойиҳага (1,1 трлн сўмлик) қўшимча равишда ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган қиймати 85 млрд сўм бўлган 139 та лойиҳаларни ҳам молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 апрелдаги 197-сонли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ 139 та лойиҳаларни молиялаштириш учун 85 млрд сўм маблағ ажратилди.

Шу ўринда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2023 йилги биринчи мавсуми таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, соҳалар кесимида энг кўп лойиҳалар сифатида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш йўналиши қайд этилиб, ушбу йўналиш бўйича жами 10,4 мингта лойиҳалар овоз бериш жараёнига ўтказилгани ҳамда жами лойиҳалар сонига нисбатан 26 фоизни ташкил этганини кўришимиз мумкин.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га йўналтирилган маблағлар доирасида 1 419 та маҳаллада (193 та маҳалланинг икки ва ундан ортиқ лойиҳалари ғолиб бўлган) умумий қиймати 1,5 трлн сўмни ташкил этган жами 1 666 та лойиҳалар ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳалар учун фуқаролар томонидан жами 7,7 млндан ортиқ овозлар берилган бўлиб, жами берилган овозларга нисбатан 48 фоизни ташкил этди.

Натижада, тўпланган овозлари сони 500 дан 1000 гача бўлган жами 1 692 та, 1000-2000 гача бўлган 1 127 та лойиҳа, 2000-5000 гача бўлган 1163 та лойиҳа, 5000-10000 гача бўлган 128 та лойиҳа ва 10 мингдан ортиқ бўлган 18 та лойиҳалар ғолиб деб топилмаган.

Шу муносабат билан, фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ташаббусли бюджет жараёнини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 апрелдаги ПҚ-117-сон “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, 2023 йил 1-мавсум доирасида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 1 309 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда 1,3 трлн сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Бюджет кодексининг 119-моддасига биноан туман ва шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари — ҳар йил бошида аниқланадиган эркин қолдиқ маблағлари, биринчи – учинчи ҳисобот чораклари натижалари бўйича аниқланган туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари прогнозини ортиқча бажариш орқали тушган маблағлар, давлат даромадига ўтказилган мулкни сотишдан тушадиган маблағлар, электрон савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушадиган маблағлар, бюджет кодексининг 120-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ бюджет маблағлари камайиши натижасида бўшатилган маблағлардан иборат.

Ташаббускор фуқароларнинг ўз ҳудудларидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлари тасдиқланган меъзонларга асосан “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилади. Фуқароларга ташаббусли бюджет жараёнларида иштирок этиш учун кенг имконият яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла ва овулда «Очиқ бюджет» ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи “мобил” гуруҳлар ҳамда “ташаббускорлар бурчаги” ташкил этилди.

Ўрнатилган тартибга асосан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилишидан олдин мажбурий жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши шарт. Унинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан ташқи аудит ва баҳолаш натижалари бўйича хулосалари мажбурий эълон қилинади. Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар бюджетдан ташқари жамғарма шаклида очилган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағида жамланиб борилади ва ушбу маблағларнинг бошқа мақсадларга ишлатилиши қатъиян тақиқланган.

Танлаб олинган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағнинг дастлабки миқдори тегишлилигига кўра тармоқ корхоналари хулосаси асосида лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади. Лойиҳа ғолиб деб топилгандан сўнг, уни амалга ошириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади ҳамда тадбирнинг якуний қийматига аниқлик киритилади. Агар тадбирнинг дастлабки қийматига нисбатан лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра якуний қиймати кўпроқни ташкил этса, мазкур ҳолатларда лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган қўшимча маблағ тегишли туман (шаҳар) “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”даги мавжуд ёки келгусида келиб тушадиган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади. Ғолиб деб топилган лойиҳанинг дастлабки қийматидан келиб чиқиб, тадбир доирасида амалга ошириладиган ишлар (товар ва хизматлар) ҳажмини камайтиришга йўл қўйилмайди.

Ишчи орган танлаб олган таклифлар танлаб олинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ишчи орган томонидан онлайн овоз беришни ташкил этиш учун “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилади. Овоз бериш таклифлар жойлаштирилган санадан эътиборан йигирма иш куни давомида ўтказилади. Овоз бериш якунларига бўйича ғолиблар аниқлангандан сўнг “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”да шаклланган қолдиқ маблағлар ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг якуний қийматига аниқлик киритилиши муносабати билан қўшимча талаб этиладиган фарқни қоплашга ёки келгусида ўтказиладиган “Ташаббусли бюджет” жараёнларига йўналтирилади.

Ғолиб деб топилган лойиҳалар муаллифлари тадбирларни амалга оширишнинг барча босқичларини кузатиш ҳамда бажарилган ишларни реал-вақт кўринишида баҳолаб бориш имкониятига эга бўлади. Бунда жамоатчилик назорати доирасида фуқаролар тадбирларни кузатиб бориш орқали қонун бузилиши ҳолатлари ёки камчиликлар кузатилганда шикоят тарзида ваколатли органларга мурожаат қилишлари мумкин. Фуқаролар томонидан лойиҳани амалга оширишда бошқа кўринишдаги аралашувларга (пудратчи корхонани аниқлаш ёки ишларни уларнинг ўзлари томонидан амалга оширилиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва шу кабилар) йўл қўйилмайди.

Яна бир жиҳат ҳар чорак якунларига кўра “Очиқ бюджет” ахборот порталида фуқароларнинг бюджет жараёнига жалб этилиши ҳамда ташаббусли бюджетлаштириш тадбирлари амалга оширилиши самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан давлат ҳокимияти органлари фаолияти баҳолаб борилади. Баҳолаш тизими “0” баллдан “100” баллгача бўлиб, туман ва шаҳарлар ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари натижаларига кўра “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади. Бунда ишчи комиссия томонидан саралаш босқичи ҳаққоний ва сифатли ўтказилишини баҳолаш — лойиҳаларни дастлабки ва якуний қиймати ўртасидаги фарқ, асоссиз рад этилган лойиҳалар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш имконияти тўлиқ ўрганилмаслик натижасида ғолиб бўлган лойиҳаларнинг кейинчалик рад этилиши даражаси инобатга олинади. Бундан ташқари фуқароларнинг бюджет жараёнига жалб этилиши даражаси — тегишли ҳудуд бўйича келиб тушган лойиҳалар ва овоз сонининг мавжуд аҳоли сонига нисбати ҳисобланади. “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилишини баҳолашда — Жамғармага туман ёки шаҳар бюджети қўшимча маблағларининг тегишли қисми йўналтирилиши ҳолати эътиборга олинади. Жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни амалга оширишнинг самарадорлиги ва натижадорлиги “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Жамоатчилик назорати” бўлими орқали лойиҳа муаллифлари томонидан бажарилган ишларни сифати ва ҳолатини баҳолаш тизими орқали амалга оширилади. Шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича буюртмачилар билан тизимли ишлар ташкил этилганлиги даражаси — лойиҳалар молиялаштирилишидан келиб чиқиб, жами ажратилган маблағга нисбатан ўзлаштирилган маблағга нисбати орқали баҳолаб борилади.

Ҳар чорак якунларига кўра мезонларга мувофиқ туман ва шаҳарларнинг тўплаган балларидан келиб чиқиб, 71 баллдан 100 баллгача — “яшил ҳудуд”, 55 баллдан 71 баллгача — “сариқ ҳудуд”, 55 баллдан паст бўлганда — “қизил ҳудуд” деб топилади. “Қизил ҳудуд” деб топилган туман ва шаҳар ҳокимликларининг ташаббусли бюджет жараёни ижроси юзасидан ҳисоботи чорак якунларига кўра Олий Мажлис Сенатида эшитиб борилади.

Жорий йил биринчи чораги якунларига кўра мазкур йўналишда қилинган ишлар натижасида 60 та туман ва шаҳарлар 71 дан 100 гача балл тўплаб — “яшил ҳудуд”, 94 та туман ва шаҳарлар 55 дан 71 гача балл тўплаб — “сариқ ҳудуд”, 54 та туман ва шаҳарлар 55 дан паст балл тўплаб — “қизил ҳудуд” деб топилди.

Намунавий низом асосида ҳар бир туман ва шаҳарнинг алоҳида хусусиятидан келиб чиқиб, туман ёки шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартибини назарда тутувчи қарорлар қабул қилиниб, унинг амалий ижроси таъминланаяпти. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида йиллар давомида ижтимоий ва йўл-қурилиш соҳасидаги кўплаб маълумотлар ўз ечимини топди. Аҳоли яшаш ҳудудлари обдонлаштрилиб, йўл инфратузилмаси яхшиланаяпти.

2023 йида Давлат бюджетининг параметрлари трансфертни ҳисобга олган ҳолда — даромадлари 232 607,0 млрд сўм, харажатлари 257 734,0 млрд сўм, дефицит эса 25 127,0 млрд сўмни ташкил этади.

Шу ўринда ташаббусли бюджет кўрсаткичлари бўйича рақамларга эътибор қаратсак. 2023 йил 17 апрелдан 7 майга қадар “Менинг йўлим” дастури доирасида 10317 та ташаббуслар келиб тушган бўлиб, уларга 8 093 918 та овоз берилган. Шундан 519 та лойиҳа ғолиб топилган бўлиб жами 412,4 млрд сўм маблағ йўналтирилади. 2023 йил 6 февралдан 7 апрелгача бўлган даврда “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 16 129 764 та овоз тўплаган 55 970 та ташаббуслар илгари сурилган. Уларнинг 33 680 таси тасдиқланиб, 22 290 таси рад этилган. «Ташаббусли бюджет»га ажратилган маблағлар миқдори 2 882,9 млрд сўмни ташкил этади. Ташаббусларнинг фуқаролар ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, уларни фаоллигида ҳам намоён бўлаяпти. 2021 йилда овоз бериш жараёнида 1 миллион 200 минг аҳоли иштирок этган бўлса, бу йил 1-мавсумнинг ўзида уларнинг сони 16 миллиондан ошди. Шунингдек, илк маротаба “Ташаббусли бюджет” дастурида республиканинг барча маҳаллалари ўз лойиҳаси билан иштирок этди. Мазкур жараён одамлар дунёқарашида ҳам катта ўзгаришларга олиб келди. Жараён бошланган илк даврлардаги ташаббусларда инфратузилмани ривожлантириш масаласи бирламчи бўлган бўлса, эндиликда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига эътибор кучайди. Масалан, маҳаллалардаги тиббиёт муассасаларини таъмирлаш бўйича мингдан ортиқ, мактабларни парта ва компьютер билан жиҳозлашга 5 мингдан зиёд лойиҳа таклифи келиб тушди.

Дарҳақиқат, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда баён этилган ўринли ва долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқишда катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, 2022 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирила бошланди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридан ташаббусли бюджет амалиётини ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадлари алоҳида белгилаб олинди. Жумладан, 2023 йил давомида жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилади. Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилади.

2023 йилдан бошлаб маблағлар миқдори оширилди. Амалдаги тартиб сақлаб қолинган ҳолда, ташаббусли бюджет жараёнлари учун 6 млрд сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилади. Ҳар бир туман ёки шаҳарда камида 5-6 та лойиҳалар амалга оширилиб, 53 та туман ёки шаҳарда маблағлар миқдори кўпайтирилади. Туман ва шаҳар бюджетларига қўшимча равишда вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам йўналтирилади. Яъни, туман ёки шаҳар бюджетлари ҳисобидан ўртача 500 млрд сўм, вилоят бюджетлари ҳисобидан 1 трлн сўм ажратилади.

“Ташаббусли бюджет” дастурида ғолиб бўлмаган кўплаб лойиҳаларга ҳам маблағ ажратилаётгани халқни рози қилишдек улуғ мақсаднинг амалий рўёбини таъминлайди. Эътибор қилинг, инсон қадри тамойили асосида 2023 йилда маҳаллаларга ажратилаётган маблағлар кўлами 25 триллион сўмга етказилди. “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да 5 минг 800 та маҳаллага 30 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Умуман олганда, маҳаллаларни обод қилиш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартиришга ҳам хизмат қилаяпти, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга амалий тус бераяпти. Энг муҳими, юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги, ўз маҳалласи, эл-юртимиз тақдири ва келажагига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Бу борада “Ташаббусли бюджет” дастури жорий этилгани муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу дастур доирасида илгари сурилаётган таклифлар асосида аҳоли ҳаётига тааллуқли кўпгина долзарб масалалар ўз вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.

 

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

 

 

 

 

Published On: Iyul 14, 2023Views: 51