EMBASSY OF UZBEKISTAN TO THE UNITED STATES
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
2016
2015
2014

 
PRESIDENTIAL ELECTIONS 2016
October 14, 2016
Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий тамойиллари
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг тизимли, босқичма-босқич, энг аввало, инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётгани эркин ва демократик сайловларни ўтказишда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, сайловлар, авваламбор, Конституциямиз мезонлари ва принциплари, сайлов ҳақидаги қонунлар ва нормаларга тўлиқ жавоб берадиган ҳолда, очиқ ва ошкора, холисона ва ҳалол, бир сўз билан айтганда, сайловчиларимизнинг хоҳиш-иродасини эркин намоён қиладиган тарзда ўтиши шарт.

Конституциямизнинг 117-моддасига киритилган янгиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.

Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади. Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади. Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.

Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, аввало, Марказий сайлов комиссиясини демократик шакллантиришнинг конституциявий устувор нормаларини ифодалаш имконини берди. Қолаверса, унинг фаолиятини ташкил этишнинг энг муҳим тамойиллари бўлмиш мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари Асосий Қонунимизда қатъий мустаҳкамлаб қўйилди. 2014 йил сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу Қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонун 21-25-моддалар билан тўлдирилди.

Мустақиллик принципи. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллар ва бошқа ёт таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради. Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Айни пайтда қонунчиликка биноан, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бошқа сайлов комиссиясининг ёки сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 512-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси, сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар фаолиятига аралашиш, худди шунингдек, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятида қонунийлик принципининг роли беқиёсдир. Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, сайлов, референдум тўғрисидаги қонунларга ҳамда бошқа қонунларга амал қилади. Қонунийлик принципи ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг ажралмас белгиси, давлат органлари фаолиятини ташкил этишнинг асосий негизидир. Марказий сайлов комиссияси фаолиятида қонунийлик принципи нафақат миллий сайлов қонунчилигимизга, қолаверса, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига амал қилиш билан узвий боғлиқдир. Шу боис Марказий сайлов комиссияси фаолиятида қонунийлик принципининг таъминланиши демократик сайловларни халқаро стандартлар ва миллий сайлов қонун ҳужжатлари нормалари асосида ташкил этиш ва ўтказиш учун шароит яратади. Қонунийлик ва ижтимоий адолат принциплари узвий боғлиқ бўлиб, бу демократик сайловлар жараёнида ёрқин намоён бўлади.

Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг қонунийлик принципи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Конституция ва қонун устуворлигини назарда тутган нормаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Асосий Қонунимизнинг 15-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янгиликка кўра, Марказий сайлов комиссияси, сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар қарорларини ижро этмаслик, номзод, ишончли вакил, кузатувчи ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш, сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш учун жавобгарлик назарда тутилади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳамда 147-моддасида эса сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилишга бағишланган ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топган. Бу эса сайлов қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Коллегиаллик принципи. Коллегиаллик принципи ўзининг туб моҳиятига кўра, Марказий сайлов комиссияси ваколатларига кирувчи масалаларни унинг барча аъзоси иштирокида ҳал қилинишини англатиб, жамият манфаатларига бўйсунишининг кафолати ҳисобланади. Бу принципга риоя қилиш Комиссия мажлисларини ўтказиш тартибида ҳам яққол намоён бўлади. Бу, ўз навбатида, масалаларни эркин муҳокама этишда Комиссия барча аъзосининг тенг иштирокини таъминлашни англатади. Марказий сайлов комиссияси ишининг ташкилий кўриниши унинг мажлислари саналади ҳамда улар заруратга қараб ўтказилади. Агар мажлисда комиссия аъзолари умумий миқдорининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, у ваколатли ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий миқдорининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси Раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси мажлисларида баённома юритилиб, у раислик қилувчи ва Комиссия котиби томонидан имзоланади. Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари алоҳида фикр билдиришга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Ушбу нормалар Марказий сайлов комиссияси фаолиятини коллегиал тарзда амалга оширишнинг ҳуқуқий асосидир.

Ошкоралик принципи. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига биноан, Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини ошкора амалга оширади. Комиссия мажлислари очиқ ўтказилиб, уларда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлардан ва ҳаракатлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан, бутун сайлов кампанияси кенг ошкоралик асосида ўтказилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.

Адолатлилик принципининг демократик тараққиётга эришишдаги роли жуда каттадир. Марказий сайлов комиссияси номзодларни, сиёсий партияларни сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар билан таъминлаш, сайловга, референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов, референдум якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради.

Адолатлилик принципи конституциявий даражада ифодаланган принциплардан бўлиб, жамият ва давлатда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашнинг бош мезони саналади. Демократик сайловлар ҳам ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини Конституция, сайлов ва референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиб юритади, ижтимоий адолатни қарор топтириш, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишининг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Сайлов органи мустақиллигининг конституциявий ривожланиши халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишида ғоятда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига барча имконият яратилган.

Сайловлар миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этиб, ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ҳал қилувчи шартидир.

(Халқ сўзи газетаси)


Back

   Back to the top    Print version   
© 2004, Embassy of Uzbekistan to the United States.
All Rights Reserved.
 Design.uz Studio
Design.uz Studio
Site Development